Давлат бошқаруви органлари ва ташкилотлар раҳбарлари полигонда

60 га яқин ҳарбий либос кийган давлат бошқаруви органлари ва ташкилотлар раҳбарлари полигонда саф тортишди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмларида давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат ташкилотлари раҳбарлари таркиби билан йиғинлар ўтказиш тўғрисида”ги қарорига, шунингдек 2019 йил 15 ноябрдаги Фармойишига асосан ноябрь ва декабрь ойларида икки босқичли йиғин ўтказилиши режалаштирилган.

Шу муносабат билан “Чирчиқ” полигони базасида ташкил этилган йиғиннинг биринчи босқичида давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари таркиби саф тортди.

Йиғиннинг очилиш маросимида Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов сўз олиб, ўтган йилги вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан ташкил этилган йиғин юқори савияда ўтказилгани, провардида ўтган вақт мобайнида ҳамкорликда самарали иш олиб борилгани хусусида сўзларкан, жорий йилги йиғин машғулотлари давомида ҳам кўзланган умумманфаатларга эришилишига ишонч билдирди, бу йўлда йиғин иштирокчиларига муваффақият тилади.

Шундан сўнг, йиғин машғулотлари қатнашчилари кун тартибига биноан миллий армиямиздаги энг замонавий ҳарбий техника ва қурол-яроғлар билан танишди.

Армия ва халқ якдиллиги, Мудофаа вазирлиги ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг яқиндан олиб борадиган ҳамкорлиги, ҳарбий қурилиш ва миллий армиямизни кун сайин ислоҳ қилиш, мамлакатимизнинг мудофаа саноатини янада юксалтиришга хизмат қилиши кўзда тутилган мазкур йиғин давомида мансабдор шахслар уч кун мобайнида белгиланган режа бўйича миллий армиямиз куч-қудратига оид билим ва кўникмаларини оширадилар.

Йиғин машғулотларини юксак савияда ўтказиш учун “Чирчиқ” полигони базасида барча шарт-шароитлар муҳайё этилган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу йиғин машғулотлари 30 ноябрга қадар давом этади.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти