Глобал исиш оқибатлари: Франция ва Германияда АЭС фаолияти вақтинча тўхтатилди

Олимлар деярли ҳар ой глобал исиш хавфини эслатиб туришибди. Ер ҳароратининг аста-секин кўтарилиши ичимлик сувининг камайиши, ҳайвонларнинг йўқ бўлиб кетиши ва бошқа даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Кўпчилигимиз учун иқлим ўзгариши ваҳима бўлиб эшитилса-да, глобал исишнинг оқибатларини сезганимизча йўқ. Ҳаво ҳарорати кескин даражага кўтарилса, нима бўлиши мумкин? Исишнинг бундай кўриниши Австралияда яққол ўз ифодасини топмоқда, чунки бу ерда глобал исиш оқибатида кўплаб сув ўтлари ва балиқлар нобуд бўлмоқда.

Ернинг ўртача ҳарорати аста-секин кўтарилиши қурғоқчилик ҳамда музлар эриб, тошқинлар сони кўпайишига олиб келиши мумкин. Албатта, об-ҳаво ўзгариши аввало ўсимлик ва ҳайвонлар ҳаётига катта таъсир кўрсатади. Қурғоқчилик оқибатида зарар кўрган ўсимлик ва бошқа тирик организмлар тикланишга ҳаракат қилади, аммо бу узоқ вақт талаб этади. Эҳтимол, улар олдингидай соғлом ҳолатга қайта олмас, чунки глобал об-ҳаво ҳодисалари кун сайин кучайиб бормоқда.

Глобал исишнинг оқибатлари

Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, глобал исиш туфайли Австралиянинг қирғоқ ҳудудларининг қарийб 45 фоизи зарар кўрган. 2011 йилдан 2017 йилгача бўлган даврда ҳаддан ташқари қуруқ об-ҳаво қирғоқ яқинида ўсаётган маржон ва сув ўтларига зарар етказган. Бунинг оқибатида кўплаб балиқ, тошбақа, қисқичбақалар нобуд бўлган. Ахир ушбу ўсимликлар сув жонзотлари учун бошпана ва егулик ҳисобланади.

Европадаги иссиқлик

Европадаги айрим мамлакатларда ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши кузатилган ва иссиқлик ҳали ҳам давом этмоқда. Маълумотларга қараганда, июль охиридан бошлаб, Германияда цельсий шкаласи бўйича 40 даражагача кўтарилади. Худди шундай юқори ҳарорат Нидерландия, Бельгия ва Францияда ҳам кузатилиши кутилмоқда.

Юқори ҳарорат аллақачон жиддий оқибатларга олиб келмоқда, масалан, Франция ва Германия расмийлари атом электр станцияларини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлишди. Станцияларни қисман ёпмасдан бошқаришнинг иложи йўқ эди, чунки дарёлар шу қадар иссиқ эдики, уларнинг сувлари энди ядро реакторларини совита олмасди, – дея таъкидлаган соҳа мутахассислари.

Ушбу далил ва фикрларнинг ўзиёқ кўрсатиб турибдики, ҳавонинг кескин исиши АЭСлардан тортиб бошқа йирик завод ва корхоналар фаолиятига ҳам таъсир кўрсатади. Кескин чоралар кўрилмаса, табиатга жиддий хавф туғдириши ҳам мумкин. Бутун дунё олимлари глобал исишнинг олдини олишга нафақат дунё, иттифоқ ва мамлакатлар доирасида чора кўришни, балки ҳар бир ер аҳолиси онгли равишда курашиши, ўзида табиатга бўлган шахсий муносабатни шакллантириши лозим деган ғояни илгари сурмоқда.