Адлия вазирлигида коррупция билан курашишда янги фаза: АНТИКОРРУЦИЯВИЙ КОМПЛАЕНС

102

Коррупция жуда мустаҳкам томир ёзади, дейишади. Фақат бу томирлар илдизи пастга эмас балки юқорига қараб ўрмалайди. Бу томирларга ҳамманинг кўзи тушса-да, ҳамма бирдек уларни янчиб ташлашга ҳаракат қилавермайди. Аммо бу томирларни парчалашга минглаб қўллар керак бўлади.

Бу ўхшатишда ҳақиқат бор. Коррупция асосида битган ишнинг бир кун эмас бир кун қинғирлиги чиқади. Коррупцияга йўл қўйганнинг куни қисқа. Боиси ўрганган кўнгил бу қилмишни бир қилдими, кейингиларини ҳам қилиши шубҳасиз.

Аммо кўза кунда эмас кунида синади. Буни ҳаммамиз яхши биламиз. Коррупциянинг илдизини қуритиш учун ҳар бир соҳада назоратни кучайтириш, шу каби ҳолатга олиб келувчи оқибатларни аниқлаш, уларни олдини олиш ва бартараф этиш бўйича тизимли чоралар ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалда қўллаш бўйича комплекс ёндашув зарур.

Коррупция билан курашишда кўплаб давлат органлари ўз усул ва услубларини қўлламоқда. Бу қандай натижа кўрсатиши албатта вақт синовида. Адлия вазирлигида ушбу иллат билан курашиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларга чек қўйиш борасида муҳим чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Коррупция билан курашишда Адлия услуби

Вазирлик тизимида коррупцияга қарши курашиш соҳасида биринчи фаза кунлари бўйича эришилган натижаларга асосан янги фазага ўтилмоқда.

Мазкур босқичда Адлия вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш сиёсати ишлаб чиқилди. Сиёсатда вазирликнинг коррупцияга қарши курашишга қаратилган асосий йўналишлари ва коррупциявий фаолиятга аралашиб қолишга қарши курашиш бўйича фаолиятига бўлган ёндашув ифодаланган.

Шунингдек, Адлия вазирлигида антикоррупциявий комплаенс тизимини жорий этиш чоралари кўрилмоқда.

Идоравий комплаенс тизими ўзида юқори даражада касбий ва ахлоқий қоидалар ижросини таъминлаш, қонунчиликка ва ички тартиб қоидаларга риоя этилмасликка оид хатарларни камайтириш ҳамда жиддий моддий зарар етказилишини бартараф этиш ва мавқеи йўқотилишини бартараф этиш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатлари ва ички идоравий ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик бўйича профилактик чора-тадбирлар ва олдини олувчи ҳаракатлар мажмуини назарда тутади.

Антикорруциявий комплаенснинг афзаллиги шундаки бу корропцияга бўлган мойилликни пасайтиради, ходимлар томонидан коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар хавфи, ходимларнинг шахсий манфаати ёки бойиш учун ташкилотнинг моддий ресурсларидан фойдаланиш натижасида ташкилот обрўига ва иқтисодига зарар етказиш каби хавфларни бартараф этишга мўлжалланган дастур ҳисобланади.

Коррупцияга қарши курашишда аниқ тамойиллар

Сиёсатда вазирлик тизимида коррупцияга қарши курашишда қуйидаги асосий тамойиллар белгиланди:

  • қонунийлик;
  • ҳар қандай кўринишдаги коррупцияга муросасиз муносабатда бўлиш;
  • коррупцияга оид хатарларни мунтазам баҳолаш;
  • профилактик характердаги чораларни кўришнинг устуворлиги;
  • ахборот, ташкилий ва назорат чораларидан комплекс тарзда фойдаланиш;
  • вазирлик тизимида коррупцияга кўп учраётган йўналишни такомиллаштириш;
  • коррупциявий ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги.

Мазкур тамойилларга амал қилиш коррупцияга қарши кураш фаолиятини амалга оширувчи ҳар бир ходимнинг асосий вазифасига айланади. Хусусан, ҳар қандай даражадаги лавозимда ишлаётган ходим коррупциявий ҳуқуқбузарлик содир этса биз у билан хайрлашамиз. Адлия органларида ишловчи ходимларда ҳалоллик энг муҳим хислатга айланиши лозим.

Коррупцияга қарши курашишда аниқ йўналишлар

Мазкур стратегик ҳужжат ўзида вазирликнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятининг қуйидаги асосий йўналишларини назарда тутмоқда:

  • жамоатчилик ва фуқаролар билан ўзаро ҳамкорлик;
  • коррупцияга қарши экспертиза;
  • манфаатлар тўқнашувини олдини олиш;
  • “сирли мижоз” тадбири;
  • совғалар бериш ва олишни чеклаш;
  • текшириш ва ўрганишлар ўтказиш;
  • одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш.

Мазкур йўналишларнинг ҳар бири бир қарашда арзимаган туюлган масалаларни ҳам назарда тутиш, улардан келаётган хафв хатарни баҳолашни, коррупциявий омилни минималлаштиришни назарда тутади.

Масалан, кўпчилик назарида жуда оддий маиший масала ҳисобланган ўзбекона меҳмондўстлик ҳам назаримизда ноқонуний ҳаракатлар учун замин яратади. Вазирлик ходими ҳудудларга хизмат сафарига борганда уни меҳмон қилиш арзимаган нарса бўлиб кўриниши мумкин, лекин бунинг оқибатида бошқа нохуш ҳолатлар (меҳмонни рози қилиш учун пул йиғиш ва ҳ.к) келиб чиқаётгани ҳам сир эмас.

Шу сабабли. биз адлия органлари ходимларига ҳудудларга хизмат сафари давомида тизимдаги ва бошқа идоралар ходимлари билан умумий овқатланиш жойларига бориш тақиқланди.

Иккинчи фаза якунлари бўйича кутилаётган натижалар

Адлия вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш сиёсатида назарда тутилган тадбирларни тўлиқ амалга ошириш орқали адлия органларини “Коррупциясиз соҳа”га айлантириш каби юксак натижаларга эришиш кутилмоқда.

Муҳими чора-тадбирлар келиб чиққан коррупциявий ҳолатларга чора кўриш эмас, балки коррупциявий ҳолатларини келиб чиқмаслигини таъминлашга йўналтирилган.

Аммо биз қандай дастур ёки чора-тадбирларни қўлламайлик, фуқароларнинг фаоллиги кузатилмас экан, порахўрлик, тамагирлик каби ҳолатлардан бизни огоҳлантирмас экан иллатдан бутунлай қутилишнинг иложи йўқ.

Шу сабабли мазкур салбий ҳолатлар кузатилганда фуқаролар ўзларига қулай усулда бизга мурожаат қилишларини сўраймиз. Айтганча, коррупциявий ҳолатларни фош этган шахслар сир тутилиши кафолатланган.

Коррупцияга одатланган қўлларга қўлингизни тутманг. Фарзандингизга тоза келажак яратинг. Ўзингизда ушбу иллат билан курашга куч топмасангиз, бизга мурожаат қилишни унутманг.